s
Мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича устувор вазифалар белгиланган бўлиб, бу бўйича аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш борасида қатор изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, бу каби долзарб муаммолар бутун дунё бўйлаб рўй бераётгани ҳеч кимга сир эмас.
Ҳар бир шахснинг саломатлиги ва унинг турмуш тарзи атрофимиздаги табиат билан чамбарчас боғлиқ эканлиги ҳақиқат. Бизни ўраб турган бу гўзал табиат инсон учун инъом этилган. Бунда нафас олиш, яшаш, борлиқни ҳис этиш, гўзалликлардан баҳраманд бўлишни ўзида мужассам этади. Шунинг учун ҳам энг аввало табиатга бўлган эътиборни инобатга олиш муҳим бўлиб ҳисобланади. Экологияни барқарор ривожлантириш, инсонлар учун қулай яшаш муҳитини яратиш учун ҳар биримиз масъул эканлигимизни унутмаслигимиз керак.
Бош Қомусимизда ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга, деган қатъий қоида мустаҳкамланган.
2025 йил 30 июнь куни жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир туман суди томонидан О.Қўлдошев (исм-фамилияси ўзгартирилган)га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 90-моддаси 4-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлик ҳолати юзасидан маъмурий ишини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 21-моддасига асосан жавобгарликдан озод этилиб ҳамда огоҳлантириш билан кифояланган.
2025 йил 16 июль куни жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир туман суди томонидан Ж.Болтаев (исм-фамилияси ўзгартирилган)га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 65-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлик ҳолати юзасидан маъмурий ишини кўриб чиқиб, 2025 йил 1 апрель куни жамиятда ўтказилган текширувида, жамиятга тегишли 1476-контур 52,6 балл бонитетли ер майдонини 0,4 гектар қисмида тупроқ қазиш ишларини олиб бориб ерлардан хўжасизларча фойдалангани учун Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 65-моддаси
1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга шу модданинг 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдори 375.000 сўмнинг
20 баравари, яъни 7.500.000 (етти миллин беш юз минг) сўм жарима жазоси тайинланиб, тайинланган жарима давлат ҳисобига ундирилиши белгиланган. Худди шунингдек ҳолатлардан яна бири 2025 йил 4 сентябрь куни туман суди томонидан Ж.Жабборова (исм-фамилияси ўзгартирилган)га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 65-моддаси 3-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлик ҳолати юзасидан маъмурий ишини кўриб чиқиб, пахта-ғаллачилик йўналишида ажратиб берилган 55,5 гектар ер майдонларига 2025 йил ҳосили учун белгилангандан ортиқча 1,2 гектар буғдой 7,6 гектар шоли ва белгилангандан ҳам 9,0 гектар пахта экиб, ердан фойдаланиш учун рухсат этилган асосий турига номувофиқ тасарруф қилиб, ердан фойдаланиш қоидаларини бузгани учун Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 65-моддаси 3-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этгани сабабли унга шу модданинг 3-қисми билан МЖтКнинг 33-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдори 412.000 сўмнинг 5 баравари, яъни 2.060.000 (икки миллион олтмиш минг) сўм жарима жазоси тайинланиб, тайинланган жарима давлат ҳисобига ундирилиши белгиланган. 2025 йил 7 ноябрь куни эса туман суди томонидан Б.Очилдиев (исм-фамилияси ўзгартирилган)га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 68-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлик ҳолати бўйича маъмурий ишини кўриб чиқиб, 2025 йил 29 октябрь куни, Хива шаҳар, Гулистон маҳалласи ҳудудидаги ҳудуд ер харитасининг 2-контуридаги ўзининг фойдаланувида бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа ер томорқасида бўлган 630 кв. метр бўлган ер майдонларида қурилиш ишларини амалга ошириб, ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиққани ҳолати бўйича унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг
68-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга шу модданинг 1-қисми билан МЖтКнинг 33-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдори 412.000 сўмнинг беш баравари, яъни 2.060.000 (икки миллион олтмиш минг) сўм жарима жазоси тайинланиб, тайинланган жарима давлат ҳисобига ундирилиши белгиланди.
Юқоридаги ҳолатлар каби маъмурий ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича жойларда, айниқса, аҳоли ўртасида бир қатор тадбирлар ўтказилиб, аҳолини ҳуқуқий онгини шакллантириш юзасидан тушунтиришлар олиб борилди. Ҳар бир фуқаро қонунларга риоя этиши шарт эканлигини доимо ёдда тутишимиз керак. Табиатни асраб-авайлаш учун барчамиз бирдек масъуллигимизни ҳис этишимиз давр талаби.
Жиноят ишлари бўйича
Қўшкўпир туман судининг
тергов судьяси Бахтиёр Рузметов