s
Сўнгги йилларда мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан зўравонликни олдини олиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.
Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Хотин-қизлар камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги ҳамда “Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги” конвенцияларида, аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик бўйича муҳим қоидалар белгиланган.
Мамлакатимиз ҳам мазкур конвенцияларга қўшилган бўлиб, миллий қонунчилигимизда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, шунингдек “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар билан хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш юзасидан муҳим ҳуқуқий асослар яратилган.
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш йўналиши бўйича амалий тадбирлар режаси ижросини таъминлаш, зўравонликдан азият чеккан шахсларга кўрсатиладиган ижтимоий хизмат сифатини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида 2024 йил 10 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-175-сонли «Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори қабул қилинган.
Мазкур қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга «оила — маҳалла — туман ва ҳудуд» тамойили асосида комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини жорий этилган.
2024 йил 1 июндан бошлаб «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки жабрланиш хавфи остида бўлган хотин-қизларга ҳимоя ордери талаб этмаган ҳолда ижтимоий, психологик ва юридик хизматлар кўрсатиш тартиби жорий этилган.
Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ички ишлар органлари навбатчилик қисмининг «102» телефон рақамларига келиб тушган мурожаатлар асосида ички ишлар органлари ходимлари томонидан рўйхатга олиниши назарда тутилган.
Тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида хотин-қизлар фаоли ва маҳалладаги профилактика инспектори иштирокида тазйиқ ва зўравонликни содир этган шахс билан суҳбат ўтказилиши, профилактика инспектори томонидан ҳимоя ордери расмийлаштирилиши, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари тегишли ҳудуддаги шошилинч қабул бўлими мавжуд шифохоналарга жойлаштирилиши, расмийлаштирилган ҳимоя ордерлари ва жабрланган шахсларга доир маълумотлар «Инсон» марказларига реал вақт режимида «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали юборилиши белгилаб берилган.
Шунингдек, тазйиқдан жабрланган шахсларга руҳий инқироз ҳолатида бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида 2024 йил 1 июндан бошлаб Жиззах, Навоий ва Хоразм вилоятларида 2024 йил 1 октябрдан бошлаб республиканинг қолган барча ҳудудларида шошилинч қабул бўлими мавжуд шифохоналарда туну кун ишлайдиган бирламчи кўмак хоналари ташкил этилган.
Зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахснинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш ишларига мажбурий равишда Миллий гвардиянинг инспектор-психологлари ҳам жалб қилинган бўлиб, 2024 йил 1 октябрдан бошлаб ҳимоя ордери берилган ҳар бир ҳолатда тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахснинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастури «Инсон» марказлари билан келишилган ҳолда тасдиқлаган.
Шунинг билан, қарорга кўра 2025 йил 1 январдан бошлаб, ички ишлар органлари томонидан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг реестри юритилиб келинмоқда.
«Инсон» марказларига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатилишини таъминлашда қуйидаги қўшимча ҳуқуқлар тақдим этилган яъни тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш учун ички ишлар органларига мурожаат қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ҳудудий марказларда бўлиш вақтида ишлаб чиқилган якка тартибдаги ижтимоий реабилитация дастурининг ижросини мониторинг қилиш, зарур ҳолларда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлса, уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимларига талабнома киритиш каби ҳуқуқлар белгиланган.
Статистик маълумотларга кўра, Хоразм вилоят судлар томонидан 2025 йилнинг ўтган 11 ойи давомида оилавий (маиший) зўравонлик (МЖтК 592-моддаси) билан боғлиқ жами 65 нафар шахсларга нисбатан 56 та жиноят иши кўриб тамомланган бўлиб, шундан 50 та жиноят иши бўйича 58 нафар шахсларга нисбатан жазо қўлланилган бўлиб, жабрланган аёллар сони 71 нафарни ташкил этади.
Кўриб тамомланган ишларни шахслар тоифаси бўйича таҳлил қилинганида, судланган шахслар 58 нафарни, озодликдан маҳрум қилиш жазосига 28 нафар шахс, 25 нафари бошқа турдаги жазога, 27 иш бўйияа 28 шахсга нисбатан ярашув институти қўлланилган, 29 та хусусий ажримлар чиқарилган.
Бундан ташқари, мазкур қарор билан «Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларни реабилитация қилишга доир» чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган ва шу асосда жойларда кенг кўламли амалий ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Зўравонликнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган медиа-режалар тасдиқланган ва ушбу медиа-режалар асосида ҳар бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари жойларда, кенг аҳоли ўртасида ушбу мавзуда ҳуқуқий-тарғботни кенг кўламда амалга ошириши назарда тутилган.
Бу борада вилоят судида фаолият юритаётган аёл судьялар ҳам бундан мустасно эмас.
Доно халқимизда “Қуш тилини қуш билади”-деган нақл бор.
Аёлнинг бошидан кечирган ички кечинмаларини аёл тушунади.
Бугунги кунда вилоят судида фаолият юритаётган судьяларнинг сони 8 нафарни ташкил этиб, улар ўз фаолиятларида асосан суд процессларида тараф сифатида жабрланган хотин-қизлар, аёлларга нисбатан тенг ҳуқуқлилик, адолатлилик ҳамда холислик тамойиллари асосида жарбланган аёллар, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тиклашда, бу борада одил судлов самарадорлигин оширишда самарали меҳнат қилмоқдалар.
Урганч туманлараро иқтисодий
судининг судьяси Н.Аллаберганова